Исроил ҳужумга учраган тақдирда АҚШ уни ҳимоя қилади – Пентагон раҳбари

Олам

image

Қўшма Штатлар Исроил ҳужумга учраса, унга ўзини ҳимоя қилишда ёрдам беради. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Филиппиндаги брифингда айтиб ўтди.

Остин Яқин Шарқда йирик уруш муқаррар эканига ишонмаслигини айтди. Унинг қайд этишича, Вашингтон минтақада кучайиб бораётган кескинликни камайтиришга интилмоқда.

“Мен урушни муқаррар деб ҳисобламайман. Дипломатия учун доим жой ва имконият борлигига ишонаман”, дейди Пентагон раҳбари.

Остиндан Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилишига изоҳ бериш сўралганда, у бу мавзу бўйича қўшимча маълумотга эга эмаслигини айтди.

Маълумот учун, Исмоил Хония бугун, 31 июль куни Теҳронда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этганидан сўнг ўлдирилди. Унинг қўриқчиси Хония билан бирга жон берди. Хония қароргоҳи ҳаво ҳужумига учради. ҲАМАС бунинг учун Исроилни айблади. Исроил расмийлари фаластинлик сиёсатчининг ўлдирилиши бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Американинг “The Wall Street Journal” газетаси Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши Яқин Шарқ минтақасида кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини ёзганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исмоил Хониянинг ўлимига АҚШнинг алоқаси йўқлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ллойд Остин Исмоил Хония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made