Покистон Ҳиндистон учун осмонини ёпиб, қатъий жавоб чоралари киритди

Олам

image

Кашмирдаги теракт ортидан бугун, 24 апрель куни Ҳиндистон ҳукумати томонидан қабул қилинган бир томонлама ва тортишувли қарорларга шу куннинг ўзида Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси жавоб қайтарди. Жумладан, Покистон Ҳиндистон авиакомпанияларига ҳаво маконини ёпди, икки томонлама савдони тўхтатди ва Ҳиндистонни сув оқимини буриш ниятида бўлса, бу ҳаракат уруш эълони сифатида қабул қилинишини расман маълум қилди. Бу ҳақда “Geo” хабар берди.

Бу чора-тадбирлар Ҳиндистоннинг олти ўн йиллик тарихга эга Ҳинд дарёсида сув тақсимоти бўйича битимни бир томонлама бекор қилганидан ва бошқа кескин қарорларидан сўнг амалга оширилмоқда. Ҳиндистон мазкур қарорларини Жамму ва Кашмирда туристларга қилинган теракт ортидан қабул қилган. Мазкур ҳужумда 26 киши, жумладан бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган. Ҳиндистон Покистонни ҳужумда айбламоқда, расмий Исломобод эса бу айбловни қатъиян рад этиб, уни “ёлғон байроқ операцияси” деб атади.

Покистоннинг жавоб чоралари:

  • Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёсида сув тақсимоти бўйича битимни бекор қилиш қарорини рад этади. Битим Жаҳон банки воситачилигида тузилган халқаро шартнома бўлиб, уни бир томонлама тўхтатиш ҳуқуқий асосга эга эмас.
  • Сув оқимини буриш ёки пастки ирмоқлар ҳуқуқларини бузиш – уруш эълони деб қаралади.
  • “Покистон бу ҳаракатга миллий қудратнинг барча йўналишларида қатъий жавоб беради”, дейилади баёнотда.
  • Аттари чегара пункти зудлик билан ёпилади. Бу Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги ягона фаол қуруқлик ўтиш пункти эди.
  • Ҳиндистон фуқаролари учун SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди. Покистонда ушбу тизим орқали бўлиб турган ҳинд фуқаролари 48 соат ичида мамлакатни тарк этиши керак. Фақат сикҳ диний зиёратчилари бундан мустасно.
  • Ҳиндистоннинг мудофаа, ҳарбий-денгиз ва ҳаво кучлари бўйича маслаҳатчилари “персона нон грата” деб эълон қилинди. Улар ва уларнинг ёрдамчилари 30 апрелгача Покистонни тарк этиши шарт.
  • Ҳиндистоннинг Исломободдаги элчихонаси ходимлари сони 30 нафарга чекланади.
  • Покистон ҳаво макони Ҳиндистон ёки ҳинд компанияларига тегишли барча авиарейсларга дарҳол ёпилади.
  • Ҳиндистон билан барча савдо операциялари, ҳатто учинчи мамлакатлар орқали ўтаётган транзитлар ҳам бутунлай тўхтатилди.

Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси баёнотида Ҳиндистоннинг сўнгги ҳаракатлари халқаро конвенциялар, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва халқаро мажбуриятларни менсимаслик деб баҳоланди.

“Покистон тинчлик тарафдори, аммо ҳеч кимга ўз суверенитети, хавфсизлиги ва шаънига тажовуз қилишга йўл қўймайди”, дейилади баёнот якунида.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Ҳиндистон шимолидаги Кашмир минтақасида юз берган отишма оқибатида камида 26 нафар сайёҳ ҳалок бўлганди. Яна 20 дан ортиқ киши яраланган. Отишма Пахалгам шаҳрида юз берган. Номаълум шахслар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб юрган сайёҳларга қарата ўқ узган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу ҳодисани террорчилик ҳужуми деб атамоқда. Мазкур воқеа ортидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Кашмир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг