Кашмирда отишма оқибатида 25 нафар сайёҳ ҳалок бўлди
Олам
−
22 Апрель 6970 1 дақиқа
Бугун, 22 апрель куни Ҳиндистон шимолидаги Кашмир минтақасида юз берган отишма оқибатида камида 25 нафар сайёҳ ҳалок бўлди. Яна 20 дан ортиқ киши яраланган. Расмийлар ҳозирча ҳалок бўлганларнинг сонини расман тасдиқламади. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “The Hindu” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, отишма Пахалгам шаҳрида юз берган. Номаълум шахслар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб юрган сайёҳларга қарата ўқ узган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари бу ҳодисани террорчилик ҳужуми деб атамоқда. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди воқеага муносабат билдирди.
“Терроризмга қарши курашдаги қатъийлигимиз ўзгармас ва янада кучаяди”, деб ёзди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Кашмир минтақаси – Ҳиндистон ва Покистон ўртасида баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Расмий Нью Деҳлига кўра, Исломобод ушбу минтақадаги экстремистларни қўллаб-қувватламоқда. Покистон эса бу айбловларни рад этади. Ҳиндистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг апрелидан октябригача бўлган даврда Кашмирда жангарилар ҳужумлари оқибатида 44 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатларининг Флорида университетида оммавий отишма содир бўлганди. Отишмада камида 6 киши жароҳатланган, 5 киши ҳалок бўлган. Уни икки киши амалга оширган: улардан бири қўлга олинган, иккинчиси полиция томонидан отиб ўлдирилган. Университетдаги барча дарслар номаълум муддатга бекор қилинган.
Live
Барчаси