Ҳиндистонда поездни 11 минг вольтли электр сими остида қолди (видео)
Олам
−
772 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатидаги Дакшинешвар темирйўл бекатида 11 минг вольт кучланишли электр сими маҳаллий йўловчи поезди устига узилиб тушди. Бу ҳақда “The Sunday Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, юқори кучланишли электр сими поезд билан туташиши натижасида унинг атрофида учқунлар сачраган, бекат платформасини эса тутун қоплаган. Поезд ичидаги йўловчилар ва бекатда кутиб турган фуқаролар кутилмаган ҳодисадан саросимага тушган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда электр учқунлари ва одамларнинг ваҳимага тушган ҳолатларини кўриш мумкин. Ҳодиса сабабли темирйўл қатновида ҳам вақтинчалик узилишлар юзага келган. Масъул ходимлар электр тизимидаги носозликни бартараф этиш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Поезднинг металл корпуси электр зарядининг ташқи юзаси бўйлаб тарқалишига имкон бергани йўловчиларнинг зарарланишига йўл қўймаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, мутахассислар бундай вазиятларда поездга тегиш ёки электр таъминоти узилгани расман тасдиқланмагунча ундан тушишга уриниш ўта хавфли эканини таъкидлайди.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса темирйўл инфратузилмасидаги электр жиҳозларини мунтазам текшириш ва техник хизмат кўрсатиш масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чехия пойтахти Прагада икки йўловчи поезди иштирокида авария содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси