Лондонга кетаётган поездда 33 ёшли эркак 14 кишини пичоқлади
Олам
−
2556 3 дақиқа
Буюк Британияда Лондонга кетаётган поездда 33 ёшли Энтони Уильямс 14 кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топилди. У икки кун давомида жами 14 кишига, жумладан, икки нафар ўсмирга ҳужум қилган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 2025 йил 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари содир бўлган. Уильямс дастлаб Питерборода уч кишига, шунингдек, Лондоннинг Docklands Light Railway темирйўл линиясида 17 ёшли ўсмирга ҳужум қилган. Шундан сўнг у Донкастердан Лондоннинг King’s Cross вокзалига кетаётган LNER поездига чиққан ва йўловчиларга пичоқ билан ҳужум қилган.
Судда маълум қилинишича, Уильямс поезд ичида бир вагондан бошқасига ўтиб, йўловчиларни пичоқлаган. Вагонлардан чиқиб кетиш имкони бўлмагани сабабли одамлар унинг ҳужумидан қочишда қийналган. Ҳужум оқибатида бир неча киши оғир жароҳат олган.
Ҳужум вақтида айрим йўловчилар Уильямсни тўхтатишга уринган. 61 ёшли Стивен Крен унга қаршилик кўрсатганида пичоқланган. Уильямс унга ҳужум қилишдан олдин “Ўлишни хоҳлайсанми?” деб савол берган. Креннинг бошига етказилган жароҳат миядан атиги 0,79 сантиметр узоқликда бўлган.
Яна бир йўловчи Скотт Грин ҳам ҳужумчининг қўлидаги пичоқни тортиб олишга уринганида жароҳатланган. Поезд ходими Самир Зитуни эса Уильямсни тўхтатиш учун унга това билан қаршилик кўрсатган. У ҳам бир неча марта пичоқ зарбасини олган.
Уильямс судда 14 кишига оғир тан жароҳати етказганини тан олган, бироқ уларни ўлдиришга уринганини рад этган. Ҳимоя томони унинг ҳужум вақтида шизофрения сабабли ўткир психоз ҳолатида бўлганини билдирган. Ҳимояга жалб қилинган психиатрнинг айтишича, Уильямс ўзига қарши иблис томонидан уюштирилган фитна борлигига ишонган ва одамлар унга зарар етказмоқчи деб ўйлаган.
Шунингдек, судда Уильямс ҳужумдан бир ой олдин оилавий шифокорига мурожаат қилиб, руҳий ҳолати ёмонлашаётганини айтгани маълум бўлган. Шифокор унинг дори дозасини ошириш кераклигини билдирган. Ҳужумдан тўққиз кун олдин Уильямс яна шифокор билан боғланган, аммо кейинчалик ундан хабар бўлмаган.
Уильямснинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари ва аввалги судланганлик ҳолатлари сабабли ҳужумнинг олдини олиш мумкин бўлган-бўлмагани юзасидан ҳам саволлар пайдо бўлган. Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати унга кўрсатилган тиббий ёрдамни текширишини билдирган. Полицейскийларнинг ҳужумдан бир ой олдин содир бўлган бошқа бир тажовуз ҳолатини текширишдаги эҳтимолий камчиликлари ҳам ўрганилмоқда.
Кеча, 26 ноябрь куни олти ҳафта давом этган суд жараёни якунида судьялар ҳайъати Уильямсни 14 кишини ўлдиришга уриниш бўйича барча айбловларда айбдор деб топди. Унга жазо кейинроқ тайинланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганда пойтахти Кампала шаҳридаги болалар боғчасида номаълум эркак болаларни пичоқлаган эди.
Live
Барчаси