Тож Маҳалда юзлаб маймунлар сайёҳларни саросимага солди

Олам

−

visibility334 timer2 дақиқа

image

Ҳиндистоннинг Агра шаҳридаги Тож Маҳал мажмуасида 100 дан ортиқ маймун тўдаси пайдо бўлиб, сайёҳларни ҳайратга солди. Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа Канпурдан оиласи билан Тож Маҳалга келган сайёҳ томонидан тасвирга олинган. Унинг айтишича, оиласи билан мақбара яқинидаги майдонда дам олаётган вақтида чап томондан катта маймунлар тўдаси кириб келган.

Бироқ Ҳиндистон Археология бошқармаси (ASI) видеонинг қачон олинганига шубҳа билдирган. Идора вакили тасвирлар бир неча ой аввал суратга олинган бўлиши мумкинлигини айтган.

Маълум қилинишича, Тож Маҳал ҳудудида маймунлар пайдо бўлишига мажмуа атрофидаги яшил майдонлар сабаб бўлмоқда. Улар ҳайвонлар учун табиий яшаш муҳити ҳисобланади. Археология бошқармаси маймунларнинг сайёҳлар кўп бўладиган ҳудудларга киришини чеклаш мақсадида айрим жойларга симлар ўрнатган.

Тож Маҳалда маймунлар билан боғлиқ муаммо аввалдан мавжуд. Сўнгги ойларда сайёҳларнинг ҳайвонлар томонидан қувилиши, ҳужумга учраши ва тишланиши ҳолатлари қайд этилган. Шу сабабли, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Археология бошқармаси Агра муниципал корпорациясига мурожаат қилиб, маймунлар ҳужуми билан боғлиқ ҳолатларга аралашишни сўраган.

Идоралар маълум қилишича, Тож Маҳал ҳудудида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш Археология бошқармаси зиммасида бўлса, маймунларни тутиб, бошқа жойга кўчириш Агра муниципал корпорацияси масъулиятига киради.

Ҳар куни минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган Тож Маҳалда маймунлар сонини назорат қилиш ҳозирда масъул идоралар олдидаги муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг