Песков Россия қачон урушни тўхтатишини маълум қилди
Олам
−
07 Март 2022
21123Россия Украинадан ҳарбий фаолиятини тўхтатишни, конституциявий равишда нейтрал мақомини рўйхатдан ўтказишни, Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олишни, шунингдек, Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 7 март куни “Reuters” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди ва бу ҳолатда Россия Федерациясининг ҳарбий амалиёти исталган вақтда тўхтатилиши мумкинлигини таъкидлади.
“Улар ўз конституциясига ўзгартиришлар киритиб, Украина ҳар қандай блокка қўшилиш мақсадини рад этиши керак. Биз Қрим Россия ҳудуди экани, Донецк ва Луганскни мустақил давлат сифатида тан олишлари ҳақида ҳам гапиряпмиз. Ҳаммаси шу. У [уруш] исталган вақтда тўхташи мумкин”, дейди Песков материални инглиз тилида чоп этган агентликка берган изоҳида.
Песковнинг қайд этишича, ушбу таклифлар Киевга ҳам етказилган ва агар улар талабларни бажарса, қуролли ҳужум исталган вақтда тўхтайди.
Кремль вакили Россия Киевга янги ҳудудий талаблар қўйиш ниятида эмаслигини билдирган.
“Биз ҳақиқатда Украинани демилитаризация қилишни якунлаймиз. Биз уни якунлаймиз. Лекин энг муҳими, Украина ҳарбий ҳаракатларини якунлаши керак. Улар ҳарбий ҳаракатларини якунлашлари шарт, кейин эса ҳеч ким ўқ узмайди”, дея қўшимча қилган Песков.
Эслатиб ўтамиз, Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди бугун, 7 март куни Киев вақти билан соат 16:00 (Тошкент вақти билан 19:00)га белгиланган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси