Песков: “Кремль Украинада ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланишидан қўрқади” 

Олам 3895
image

Кремль Украинада Россия хавфсизлигига таҳдид соладиган кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланишидан қўрқади. Бу ҳақда Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.  

"Кремль Украинада фуқаролар уруши бошланишидан қўрқади. Агар чегараларимиз яқинида фуқаролар уруши ва кенг миқёсли ҳарбий ҳаракатлар бошланса, бу Россия Федерацияси хавфсизлигига таҳдид солади. Ушбу вазиятнинг ривожланиши ва умуман Украина томонининг хулқ-атвори динамикаси тўлиқ жанговар ҳаракатларни тиклаш хавфини келтириб чиқаради", дея таъкидлаган у. 

Песковнинг қайд этишича, ҳозирда Донбассдаги алоқа линиясида ўта беқарор вазият юзага келмоқда. 

"Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланган тақдирда, Путин айтганидек, у ерда ҳам Сребреницадаги каби ҳалокат такрорланиши мумкин. Шунда барча давлатлар, шу жумладан Россия ҳам бундай фожиаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун чоралар кўради", деган Президентнинг Матбуот котиби.  

Песковнинг таъкидлашича, Украинадаги Югославия можароси воқеаларини такрорлаш таҳдиди мамлакат Қуролли Кучлари турли бўлинмаларининг назоратсиз ҳаракатлари, ундаги миллатчилик туйғуларининг устунлиги, шунингдек, аҳолисига нисбатан нафратни қўзғатиш билан боғлиқ. 

Песковга кўра, Украина жануби-шарқидаги зиддиятларнинг кучайиши Россияни ўз хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришига олиб келади, Россия Федерацияси эса дунёнинг ҳеч бир давлатига таҳдид солмайди. 

Шунингдек, у Давлат департаментининг Россия 2014 йилдан бери Украина билан чегарада энг муҳим қўшинларни тўплагани ҳақидаги даъволарига изоҳ берган. 

"Зиддиятларнинг ўсиши, Украинанинг жануби-шарқидаги кескинликнинг кучайиши Россиянинг ўз хавфсизлигини таъминлаш учун кўраётган чораларини белгилайди", деган Кремль вакили. 

Эслатиб ўтамиз, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Донбассда уруш бўлишини истамаслигини, бироқ Украина армиясига ҳужум қилиш хавфи бўлган тақдирда Украина Донбассда ўқ узишини айтганди.  

Ҳудуддаги вазиятнинг кескинлашуви фонида бир қатор давлатлар, хусусан Франция ва Германия хавотирга тушган бўлса, АҚШ Президенти Жо Байден Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Сиёсий экспертлар эса Донбассдаги вазиятнинг кескинлашувини Украинанинг сўнгги пайтлардаги НАТОга қўшилиш томон фаол ҳаракатлари билан боғламоқда. 

Маълумот ўрнида, Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.  Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 2.9
t
×