Пентагон Украина учун замонавий ракета мажмуаси сотиб олишга 182 млн доллар сарфлади

Олам

image

Пентагон қурол ишлаб чиқарувчи Raytheon компанияси билан Украина учун NASAMS (Норвегиянинг “ер-ҳаво” типидаги такомиллаштирилган ракета мажмуаси) қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган зенит-ракета мажмуасини сотиб олиш бўйича 182 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда кеча, 26 август куни АҚШ Мудофаа вазирлиги хабар берди.

“Raytheon компанияси билан NASAMS тизимларини сотиб олиш учун 182 млн 295 минг 333 АҚШ доллари миқдоридаги қатъий нарх шартномасини тузилди. Мажмуаларни ишлаб чиқаришни тахминий якунлаш санаси 2024 йил 23 август”, дейилади хабарда.

Унда қайд этилишича, тўлов аввалроқ Украина хавфсизлигини таъминлаш ташаббусига ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Украина Мудофаа вазири маслаҳатчиси Юрий Сак унинг мамлакатига Американинг эски А-10 Warthog ҳужумчи самолёти керак эмаслигини айтган эди. Бунинг ўрнига Киев  F-16 каби замонавийроқ самолётларни олишни кутмоқда. “Military” ҳарбий интернет порталига кўра, Пентагон вакиллари А-10 ҳужумчи самолётларини Киевга ўтказиш имкониятини истисно этмаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг