Пентагон Украина ҳарбий самолётлар олганини эълон қилди
Олам
−
20 Апрель 2022
17246Украина яқинда ҳарбий ёрдам сифатида қўшимча самолётлар олди, аммо АҚШдан эмас. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби кеча, 19 апрель куни журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди.
“Улар қўшимча самолётлар ва эҳтиёт қисмлар олди, бу эса уларга кўпроқ самолётларни ҳавога кўтариш имконини бериши керак”, дейди Кирби. У самолётлар АҚШ томонидан юборилмаганига аниқлик киритиб, “бошқа давлатлар нима тақдим этаётгани тафсилотларини ошкор қилмаслигини” таъкидлаган.
Кирбининг сўзларига кўра, ҳозирда Киевда “икки ҳафта олдингига қараганда кўпроқ ишга яроқли жанговар самолётлар” мавжуд.
“Биз, албатта, қўшимча қисмларни жўнатишга ёрдам бердик, бу уларнинг авиациядаги эҳтиёжлари нуқтаи назаридан ёрдам берди. Лекин биз бутун самолётларни юбормадик”, деган Пентагон вакили.
Америка гаубицалари
Кирбига кўра, Вашингтон Америка гаубицалари яқин кунларда Украинага етказилишига ишонади. Бу бир неча кунлик масала ва ўқ-дорилар учун ҳам худди шундай.
Кирбидан, шунингдек, Америка томони Киевни қўшимча гаубица снарядлари билан таъминлай оладими, деб сўралган.
“Бугун кейинги жўнатмалар ҳақида ҳеч нарса деёлмайман, менимча, агар келажакда 155 миллиметрли гаубицалар учун қўшимча снарядларша эҳтиёж туғилса, АҚШ уларни етказиб бериш учун барча имкониятларни ишга солади деб ўйлайман”, деган Пентагон матбуот котиби.
Душанба куни Кирби Қўшма Штатлар тез орада Украина қўшинларини Америка гаубицаларидан фойдаланишга ўргатишни бошлашини айтганди. Унинг сўзларига кўра, гап америкалик инструкторлар томонидан ўқитиладиган, кейин эса Украина Қуролли кучларида бошқаларга ўргатадиган кичик гуруҳ ҳақида бормоқда.
Жорий йилнинг 13 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтон Киевга яна 800 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам, жумладан, 11 та Ми-17 вертолёти, 200 та зирҳли транспортёр, 18 та 155 мм.ли гаубица ва 40 000 та артиллерия снарядлари, шунингдек, 300 та Switchblade, Javelin танкга қарши тизимлари учун 500 та ракета ва “минглаб бошқа танкга қарши тизимлар” берилишини эълон қилганди. Америка гаубицалари биринчи марта Украинага топширилади. Ушбу ҳарбий техникалар орасида Америка томони тан олганидек, улардан фойдаланиш Украина ҳарбий хизматчиларининг қўшимча тайёргарлигини талаб қиладиган тизимлар ҳам бўлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь