Озодбек Назарбеков яна бир давлатда халқ артисти бўлди
Маданият-санъат
−
05 Сентябрь
19563Озодбек Назарбековга Қирғизистон халқ артисти унвони берилди. Бу ҳақда бугун, 5 сентябрь куни мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг “Қирғизистон Республикаси фахрий унвонларини бериш тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Унга кўра, Қирғизистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Ўзбекистондан маданият ва санъат соҳасидаги қуйидаги икки вакилга фахрий унвон берилди:
- Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбековга – Қирғизистон халқ артисти фахрий унвони;
- Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти “Анъанавий мақом ижрочилиги” кафедраси катта ўқитувчиси Фарангиз Маҳмудовага – Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист унвони.
Шунингдек, Озодбек Назарбеков Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Қозоғистон Республикасининг иккинчи даражали “Достиқ” (“Дўстлик”) ордени билан тақдирланди. Мукофотни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номидан ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов топширди.
Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойида Озодбек Назарбеков Тожикистон халқ ҳофизи фахрий унвони билан тақдирланган. 2020 йилда эса ўша пайтдаги Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Назарбековни Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев икки нафар қирғизистонлик санъаткорни фахрий унвон билан тақдирлаганди.