Озарбайжон 1,5 ойлик урушда қанча зарар кўрганини ошкор қилди

Олам

image

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 27 сентябридан 10 ноябригача Тоғли Қорабоғда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлардаги йўқотишлар ҳақида маълумот берди. Бир ярим ойда 2783 нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

100 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган. 1245 нафар ҳарбий жароҳатланган ва ҳозирда даволаняпти.

“Қорабоғи тожи Шушани озод қилиш операцияси жаҳон урушлари тарихидаги энг мукаммал ҳарбий амалиёт бўлади. Биз 30 йил орзу қилган ерларимиз шаҳидларимизнинг қони ва ҳаёти эвазига озод қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ, Арманистон Мудофаа вазирлиги ҳам умумий йўқотишлари ҳақида маълумот бериб, 2660 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирганди. Соғлиқни сақлаш вазири Арсен Торосян эса бу рақам якуний эмаслигини, негаки қидирув ва шахсга аниқлик киритиш ишлари давом этаётганини айтган.

Россия Президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларда 4 мингдан ортиқ аскар ҳалок бўлгани ва 8 минги жароҳатланганини маълум қилганди. Яна ўнг минглаб одам қочоққа айланган.

Ҳар икки томон 1,5 ойда қанча техникадан айрилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо уруш давомида расмий Баку ва Ереван бир неча юзлаб танклар йўқ қилинганинин айтди. Шунингдек, бир нечта самолёт, дрон ва вертолёт ҳам уриб туширилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Франция Сенати мамлакат Ҳукуматини Тоғли Қорабоғ республикасини тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Кейинроқ Франция ТИВ расмий Париж ТҚРни тан олмаслигини маълум қилди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг