ОТМга кириш учун ҳужжат топшириш 15 июндан бошланади

Жамият

Жорий йилнинг 15 июнь кунидан олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжатлар топшириш бошланади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди.

Каримов маълум қилишича, ҳужжатлар онлайн тарзда топширилади. Ҳужжатларни қабул қилиш ҳар куни 24 соат давом этади.

“Пандемияни эътиборга олиб бу йил тест жараёнида иштирок этувчи абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш фақат онлайн тарзда Давлат хизматлари марказлари, Ягона давлат интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали қабул қилинади. Режа бўйича ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилиниши белгиланган, бу муддат бекор қилингани йўқ. Мана шу жараёнда онлайн тарзда иштирокчиларнинг рўйхатда ўтиши режалаштирилган. Жараён бир ой, ҳар куни 24 соат давом этади. Тизим мунтазам ишлайди ва қабул қилиш жараёни тўхтовсиз давом этади.

Бу йилги битирувчилар учун Халқ таълим вазирлиги топшириғи билан ўрта маълум тўғрисидаги ҳужжатларни электрон шаклда олиш мумкин бўлади. Фақатгина паспорт билан келинса биз ўзимиз тегишли ҳужжатларни абитуриентга тегишли эканини тасдиқлаб қўямиз", дейди Мажид Каримов.

ДТМ директорининг таъкидлашича, абитуриентларда онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида бордию маълумотларни хато киритиб қўйган бўлишса, хатони тўғрилаш имкони мавжуд.

"Абитуриентларда рўйхатдан ўтиш жараёнида ҳужжатлардаги маълумотларни тўғри киритганини, маълумотларни тўғри тўлдирганини шахсий кабинет орқали текшириш имконияти мавжуд. Шунингдек, қандайдир тушунмовчилик юзага келганда аниқлик киритиш ва абитуриент билан боғланиш учун мобил телефон рақамини киритиш керак ва кўрсатилган рақам мунтазам ишлаб туриши керак”, дейди Мажид Каримов.

Аввалроқ, ОТМга кириш имтиҳонлари қачон бошланиши ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги имтиҳонларда 2 та фандан тест топширилади. Шунингдек, имтиҳон жараёнлари 2 сменада эмас, балки 3 сменада амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ Давлат тест маркази имтиҳон Мажид Каримов Халқ таълим вазирлиги

Баҳолаганлар

891

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг