Кореяда имтиҳон сабабли авиақатновлар тўхтатиб турилади
Олам
−
16:09 256 2 дақиқа
Жанубий Корея университетларга кириш учун муҳим имтиҳонлар ўтказилиши муносабати билан жорий йилнинг 19 ноябрь куни самолётларнинг барча учиш ва қўнишларини вақтинча тўхтатади, шунингдек, фонд бозори очилишини кечиктиради. Бу ҳақда ҳукуматга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, инглиз тилидан тинглаб тушуниш имтиҳони вақтида шовқин халақит бермаслиги учун парвозларга чекловлар маҳаллий вақт билан соат 13:05 дан бошлаб 35 дақиқа давомида амал қилади. Ҳавода бўлган самолётлар камида 3 км баландликни сақлаб туриши керак бўлади, жами 130 та рейс жадвалига ўзгартириш киритилади.
“Bloomberg” хабарига кўра, эрталабки тирбандликларни камайтириш мақсадида молия бозорлари ҳам иш жадвалини ўзгартиради. Корея биржаси савдолар бошланишини соат 10:00 га кўчиради, фонд бозорининг ёпилиши эса одатдагидан бир соат кечроқ амалга оширилади.
Маълумот учун, сунин (College Scholastic Ability Test, CSAT) – Жанубий Кореядаги ягона кириш имтиҳони бўлиб, унинг натижаларига кўра абитуриентлар университетларга қабул қилинади. У энг мураккаб ва рақобат кучли бўлган имтиҳонлардан бири ҳисобланади, чунки тўпланган балларга кейинги таълим ва карьера истиқболи кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.
2025 йилда сунин 13 ноябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган. Унда 554 мингдан ортиқ юқори синф ўқувчилари иштирок этган – бу сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бундай кўп сонли иштирокчилар 2007 йилда (Олтин Тўнғиз йилида) туғилганлар мактабни битираётгани билан изоҳланади. Ўша йили туғилиш даражаси одатдагидан анча юқори бўлган. Имтиҳон бутун мамлакат бўйлаб 1310 та марказда бир вақтнинг ўзида бошланган.
Имтиҳоннинг асосий қисми кўпчилик учун соат 8:40 да бошланиб, 17:40 да якунланган. Чет тили бўйича қўшимча бўлимни танлаганлар учун эса имтиҳон соат 21:40 гача, яъни деярли 13 соат давом этиши мумкин бўлган. Тушлик учун танаффус кўзда тутилмаган ва тест тўхтовсиз ўтади.
Live
Барчаси