Корея собиқ президентига қўйилган айбловлардан бири олиб ташланди

Олам

−

visibility1616 timer2 дақиқа

image

Жанубий Корея Олий суди собиқ президент Юн Сок Ёлнинг ёлғон кўрсатма бериш айблови бўйича оқлангани ҳақидаги суд қарорини ўз кучида қолдирди. Бу унинг оқлови якуний тасдиқланган илк иши бўлди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Маълум қилинишича, Юн Сок Ёл 2024 йилнинг 3 декабрида мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ суд жараёнида собиқ бош вазир Хан Док Сунинг иши бўйича ёлғон кўрсатма берганликда айбланган.

Тергов махсус гуруҳи собиқ президент ўша пайтда ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги қарордан аввал Вазирлар маҳкамаси йиғилишини ўтказишни режалаштиргани ҳақида ёлғон маълумот берганини таъкидлаган. Айбловга кўра, Юн дастлаб расмий йиғилиш ўтказишни режалаштирмасдан олти нафар вазирни чақирган, кейин эса Хан Док Сунинг таклифи билан ҳарбий ҳолатни қонунийлаштириш учун зарур бўлган кворумни таъминлаш мақсадида бошқа вазирларни ҳам таклиф қилган.

Бироқ апелляция суди сентябрь ойида қуйи суднинг оқлов ҳукмини ўз кучида қолдирган. Суд Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги ғайриоддий ҳолатларнинг ўзи Юн Сок Ёлни айбдор деб топиш учун етарли эмаслигини билдирган.

Олий суд ҳам апелляция инстанцияси қарорини ўзгартириш учун асос топмаган. Унинг таъкидлашича, айбловни тасдиқлаш учун етарли далиллар бўлиши шарт. Бундай далиллар мавжуд бўлмаса, гумонлар бўлишига қарамай, судланувчи фойдасига қарор чиқарилиши лозим.

Маълумот учун, Жанубий Корея Олий суди жорий йилнинг июль ойида Юн Сок Ёлга нисбатан терговчиларнинг уни ҳибсга олишига тўсқинлик қилгани учун тайинланган етти йиллик қамоқ жазосини ҳам ўз кучида қолдирган.

Шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида қуйи суд собиқ президентни қисқа муддатли ҳарбий ҳолат эълон қилиши орқали исёнга бошчилик қилганликда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Ҳозирда ушбу иш апелляция судида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда махсус маслаҳат гуруҳи собиқ президент Юн Сок Ёлга нисбатан давлат тўнтаришига уриниш айблови бўйича апелляция судида яна ўлим жазосини тайинлашни сўрагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг