Олтиндан “Камаз”гача. АҚШ Россияга нисбатан санкциялар рўйхатини кенгайтирди
Олам
−
28 Июнь 2022
6780Америка Қўшма Штатлари Россияга нисбатан санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Янги рўйхатга жами 57 киши киритилган. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, энди АҚШ Россиядан олтин импорт қилмайди.
Бундан ташқари, 50 дан ортиқ жисмоний шахс ва 110 та тузилмага нисбатан чеклов чоралари жорий этилди. Хусусан, “қора рўйхат”га телебошловчи ва медиа-менежер Тина Канделаки, “Камаз” бош директори Сергей Когогин, Россия Федерациясининг собиқ Мудофаа вазири Анатолий Сердюков ва унинг оила-аъзолари ҳамда бошқа россияликлар киритилган.
Шунингдек, рўйхатга 100 дан ортиқ ташкилот ҳам қўшилган. Улар орасида энг йирик рус корпорацияларидан “Камаз”, авиация заводлари - "Объединенная авиастроительная корпорация", "Авиационный комплекс имени Ильюшина", "Туполев" кабилар ҳам бор.
Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россияга кириши тақиқланган америкаликлар рўйхатини 25 кишига кенгайтирган эди. Рўйхатга Америка етакчисининг рафиқаси Жилл Байден ва унинг қизи Эшли ҳам киритилган.
Бир кун олдин Оқ уй АҚШнинг 500 га яқин россиялик мансабдор шахсларга нисбатан виза чекловлари жорий этиш, шунингдек, Украина ҳудудларидаги “хусусий ҳарбий компаниялар”, бир қатор ҳарбий қисмлар ва амалдорларга қарши санкциялар жорий этиш ниятини эълон қилди.
22 июнь куни Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс АҚШ махсус операция якунланмагунча Россияга босимни давом эттириш ниятида эканини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь