Оксана Чусовитина яна бир бор қаҳрамонлик кўрсатди
Спорт
−
18 Август 2022
22223Бугун, 18 август куни Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинлари ниҳоясига етади. Сўнги кунги мусобақалар ҳам Ўзбекистон делегацияси учун омадли келди.
Ўзбекистон ва жаҳон гимнастикасининг афсонаси Оксана Чусовитина Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медалга сазовор бўлди. Чусовитина таяниб сакраш дастурида иштирок этиб, энг яхши натижани қайд этди ва шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой олди.
Шунингдек, “Selcuklu Municipality” аренасидан яна бир ўзбекистонлик кикбоксчи Маҳмуд Ҳаётов ҳам тенгсиз бўлди. -75 кг вазн тоифасида жанг қилган Маҳмуд ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик спортчидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Аввалроқ, кикбокс бўйича баҳсларда Мавлон Муҳаммаджонов чемпионликни қўлга киритган эди. Бундан олдин Оксана Чусовитина бошчилигидаги спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кумуш медаллар билан тақдирлангани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси Ислом бирдамлиги ўйинларида 49 та олтин, 38 та кумуш ва 56 та бронза, умумий ҳисобда 143 та медал жамғарди. Бу кўрсаткич борасида фақатгина мезбон Туркия Ўзбекистондан олдинда бормоқда, холос.