Оҳангарон ҳокими ўз хоҳиши билан ишдан кетди
Жамият
−
06 Февраль
8143Тошкент вилоятидаги Оҳангарон шаҳрининг ҳокими Акром Жўраевич Эшонқулов бугун, 6 февраль куни ўз фаолиятини тугатди. Бу ҳақда унинг ўзи шаҳар ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Ҳоким ишдан кетаётганига айнан нима сабаб бўлганини очиқламади. У Оҳангарон шаҳридаги фаолиятининг ҳар бир дақиқаси ҳаётида ўчмас из қолдирганини ёзган.
“Оҳангарон шаҳри менинг она шаҳримдек юрагимдан жой олди. Шаҳар равнақи йўлида нимага эришган бўлсам, барчасида сизларнинг меҳнатингиз беқиёс. Иш жараёнларида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчангиздан узр сўрайман. Хайр, Оҳангарон шаҳрим. Хайр, жонажон шаҳрим”, дейди Акром Эшонқулов.
Маълумот ўрнида, Акром Эшонқулов 1976 йил 16 февралда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. Георгий Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси ҳамда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Мутахассислиги - иқтисодчи.
У шаҳар ҳокими бўлишидан олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлимининг Олмалиқ шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассиси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Акром Эшонқулов 2020 йилнинг 4 июнидан буён шаҳарга ҳокимлик қилиб келаётганди.
LiveБарчаси