Нур-Султонда террорчилик хавфининг юқори “тўқ сариқ” даражаси жорий қилинди

Олам

image

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида 14 кунлик террорчилик хавфининг юқори “тўқ сариқ” даражаси жорий қилинди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Президентининг “Ахборот мониторинги ва аҳолини терроризм акти таҳдиди юзага келганлиги тўғрисида хабардор қилишда давлат тизимини ташкил этиш ва фаолият қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ пойтахт Нур-Султон шаҳрида терроризмга қарши кураш бўйича тезкор штаб бошлиғининг қарори билан январь ойидан бошлаб 14 кун муддатга террорчилик хавфининг юқори “тўқ сариқ” даражаси белгиланди.

Шунингдек, Терроризмга қарши кураш бўйича тезкор штаб бошлиғи фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятига тушунарли муносабатда бўлиш, уларнинг қонуний талабларига риоя этишни сўраган.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг 14 вилоятида, жумладан, пойтахтда террорчилик хавфининг “қизил” даражаси бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг