Норов Қорақалпоғистондаги намойишлар вақтидаги позицияси учун Россияга миннатдорлик билдирди
Олам
−
12 Июль 2022
10172Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Москвага ташрифи чоғида Россия Қорақалпоғистондаги тартибсизликларда расмий Тошкентни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Қорақалпоғистондаги вазиятни нормаллаштириш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлагани учун Россия томонига миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу ҳақда (РФ) Ташқи ишлар вазирлиги тегишли баёнот берди. Мамлакатларимиз раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида ушбу масалани муҳокама қилдилар”, деган Норов Москвадаги давра суҳбати чоғида.
Унинг таъкидлашича, тартибсизликлар конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар муҳокамаси чоғида бошланган, ваҳоланки, муҳокамалар барча баҳсли масалаларни диққат билан муҳокама қилиш учун зарур бўлган.
“Афсуски, бу жараён (мунозаралар) Қорақалпоғистонда референдум тўғрисидаги қонунда белгиланган тартиб бузилиши билан кечди. Чунки буларнинг барчаси зўравонлик билан эмас, балки фуқароларнинг барча фикрларини, барча таклифларини муҳокама қилиш орқали амалга оширилиши керак эди – ҳаммаси инобатга олинди”, деган Норов.
Норов умумий муҳокамага қўйилган Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги таклифларга норозилик баҳонасида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига рахна солишга ҳаракат қилинганини қўшимча қилган. Вазир бу жараён ташқи аралашувсиз бўлмаганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.