Прокуратура ИИБдаги қийноқ ҳақида жар солди, лекин ўзидагиларни унутди
Жамият
−
13 Июнь 2020
17168Бугун, 13 июнь куни Андижондан шум хабар келди. Ички ишлар бўлимида қийноққа солинган фуқаро икки ҳафта хушсиз ётиб, вафот этди. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расман жар солди.
Аслида, Ўзбекистонда бунга ўхшаш ҳолатлар аввал ҳам кузатилгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ бундай расмий хабар биринчи марта жамоатчиликка ошкор этиляпти. Ва айнан, Бош прокуратура томонидан.
Ёдингизда бўлса керак, бундан бир неча ой аввал, аниқроғи, февраль охирида Qalampir.uz`да "Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар" номли фильм эълон қилинган эди.
Унда “Бекобод металлургия комбинати иши” юзасидан бир неча кишига очилган жиноят иши бўйича Бош прокуратура томонидан ўтказилган терговда айбланувчилар қийноққа солингани ҳақида фактлар келтирилганди.
Орадан 3 ой вақт ўтди. Суд иши якунланди. Жиноий жавобгарликка тортилганларга жазо тайинланди. Терговда қатнашганларнинг баъзилари вафот этди.
Аммо фильм эълон қилинганнинг эртасигаёқ бу бўйича суриштирув ишлари бошлаганини айтиб чиққан Бош прокуратура ушбу қийноқлар бўйича ҳамон изоҳ бергани йўқ. Лекин ички ишлардаги қийноқлар бўйича биринчи бўлиб бонг уриб чиққан Бош прокуратура бўлди.
Ҳўш, нега Бош прокуратура ўзидаги қийноқлар бўйича изоҳ бермай, ишни пайсалга солиб келяпти. Аслида, Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларидаги қийноқлар бугун ё кеча пайдо бўлган эмас. Биз Бош прокуратурадан ҳамон изоҳ кутамиз. QALAMPIR.UZ унутмайди, унуттирмайди!
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 февраль куни QALAMPIR.UZ’да “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильм эълон қилинганди. Ушбу фильмда 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказиб, қийноққа солгани маълум қилинганди.
Ушбу фильм ва унда ёритилган масала ҳозиргача жамоатчилик, сиёсий элита диққат марказида бўлиб келмоқда.
Мазкур фильмда жамоатчилик ўз муносабатини билдирди. Депутатлар Расул Кушербоев ва Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманни сўроққа тутди. Хуршид Дўстмуҳаммад Бош прокуратура терговидаги қийноқларни “фашистик азоб” деб атади. Танқидлар ва депутатлар сўровига жавобан Муҳаммадиев ушбу масала ўрганилаётганини маълум қилди. Афсуски, бугунгача натижаларини эълон қилгани йўқ.
Фильм эълон қилингандан бир кун ўтиб, 22 февраль куни Бош прокуратура расмий баёнот бериб, ҳолат бўйича текшириш ҳаракатлари бошлангани ва натижаси эълон қилинишини айтди.
“Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилганди баёнотда. Орадан 4 ойга яқин вақт ўтди ҳамки, на Бош прокуратура, на Омбудсман ва бошқа ваколатли идоралар ушбу иш ҳақиқатларини ошкор этгани йўқ. Ким билсин, балки натижа прокуратура тарафда бўлмагандир... Бу ҳам етмагандек, айнан шу мавзуда сўз очилиши керак бўлган бугунги йиғилишга QALAMPIR.UZ таклиф этилмади.
Бутун жамоатчиликнинг эътиборини тортган, 30 дан ортиқ одамларнинг ҳаётида туб бурилиш ясаган ва ўчмас, аламли, аччиқ хотираларни, яраларни қолдирган ушбу тергов ҳақидаги ҳақиқатлар юзага чиқиши керак. Бош прокуратура белни маҳкам боғлаб, ҳақиқат ортидан тушишига умид қиламиз. Ахир у ерда Ортиқовадек ҳалол, ватанпарвар, меҳнаткаш прокурорлар бор.
Дарвоқе, бу орада жиноят иши бўйича аллақачон суд ҳукми ўқилди. Терговга тортилганлардан яна бири вафот этди.
LiveБарчаси