Бош прокуратура терговдаги даҳшатли қийноқлар ҳақидаги фильмга нисбатан муносабат билдирди
Жамият
−
22 Февраль 2020
40245Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақола ва фильм эълон қилинган эди. Мазкур фильмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий баёнот берди. Унда шундай дейилади:
“Жорий йилнинг 21 февраль куни “Qalampir.uz” сайтида “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (+18)” номли мақола ва фильм эълон қилинди.
Унда Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганлар асоссиз қамоққа олиниб, уларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилиб, қийноққа солинганликлари ёритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Бош прокуратура томонидан текшириш ҳаракатлари бошланди.
Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”.
Эслатиб ўтамиз, мақолада 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани маълум қилинганди.
Ўйлаймизки, Бош прокуратура иш юзасидан холис текширув олиб боради, томонларнинг фикрларини инобатга олади ва асл айбдорлар ўз жазосини олади.
LiveБарчаси