Нефть-газ саноатидаги тайинловлар, депутатлар таклифи, ёқиб юборилган ҳоким ўринбосари ва бошқа хабарлар

Жамият

Бугун, 23 июлнинг энг муҳим воқеалари тафсилоти.

Тошкент шаҳар ИИББ Учтепадаги воқеага изоҳ берди

Учтепа туманида патруль автобуси ҳайдовчисини хақорат қилган ва ички ишлар ходимини урган шахслар куч билан тўхтатилди. Унга нисбатан маъмурий баённома тузилди.

Диққат! Куч ишлатар тизимлар бугун “махсус операция” ўтказади

Бугун, 23 июль куни Марказий ҳарбий округ қўмондони полковник Ойбек Саидов раҳбарлигида Навоий шаҳридаги Куч ишлатар тузилмалари билан ҳамкорлигида Бунёдкор кўчаси ва унга туташ йўлларда тунги соат 20:30 дан 21:30 гача шаҳар хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта масштабдаги ўқув машғулоти ўтказилади.

Депутатлар кутилмаган таклиф билан чиқди

Депутатлар суд томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини таклиф қилди.

Қашқадарёда тадбиркор ҳокимият одамини юзига бензин сепиб, ёқиб юборди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркорнинг дўконини бузаётган вақтда айнан ўша тадбиркор томонидан бензин сепиб, ёқиб юборилди.

Ўзбекистонда Энергетика соҳасидаги жиддий ўзгаришлар

“Ўзтрансгаз” АЖ бошқарув раиси этиб Улуғбек Ҳусанович Сайидов тайинланди. У аввал “Ўзбекнефтегаз” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

“Ҳудудтаъминотгаз” АЖ бошқарув раиси этиб, аввал “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарув раиси бўлган Баҳодир Бешимович Эшмуродов тайинланди.

Булардан ташқари, “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудтаъминотгаз” АЖ бошқарув раисларига ўринбосарлар тайинланди.

Шаҳар бедарвозами? Машина “капоти”да сайр қилганларга қандай чора кўрилади? (видео)

Кеча, 22 июль куни QALAMPIR.UZ мухбири Тошкент шаҳрининг “Роҳат” айланма йўли бўйлаб ҳаракатланаётганда бир воқеага гувоҳ бўлди ва уни видео тасвирга туширди.

Видеода йўлниннг асосий бўлагида ҳаракатланиб келаётган давлат рақами 01 E 543 HA бўлган “Жигули” машинасининг орқа “капоти”да ёши 30-35 дан ошган икки эркак ўтириб олгани акс этган. Бу ҳолат “Роҳат” айланма йўлидан бошлаб Паркент кўчасидан ўтган катта трассадан машина қайрилиб кўча ичига кириб кетгунигача давом этган. Ундан кейин нима бўлгани бизга аён эмас.

Россияда болалар лагери ёнди. Қурбонлар бор (видео)

Бугун, 23 июль куни Россиянинг Хабаровск ўлкасидаги “Холдоми” туристик мажмуасида ёнғин юз берди. Ёнғин соат 2:31 да юз берган. Ўша вақтда мажмуадаги чодирли лагер ҳудудида 7-15 ёшлардаги 189 нафар бола бўлган. Лагерда 26 та чодир бўлган ва уларнинг 20 таси бутунлай ёниб кетган. Ёнғин жам 240 кв метр майдонни қуршаб олган.

Қирғиз-тожик чегарасида қуролли можаро юз берди (видео)

Кеча, 22 июль куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли можаро юз берди. Оқибатда беш киши жабрланди. Можарога Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолиси ўз қишлоқларига кираверишда флагшток ўрнатиши сабаб бўлди.

Буюк Британиянинг янги Бош вазири кимлиги аниқ бўлди

Лондоннинг собиқ мэри, Буюк Британиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Консерваторлар партиясининг янги раиси этиб сайланди. Энди у мамлакат Бош вазири бўлади. 

Жонсон эртага, 24 июль куни Буюк Британия Бош вазири сифатида расман иш бошлайди.

Кореяда ўзбекистонлик талабалар ҳибсга олинди (видео)

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик ва қирғизистонлик талабалар велосипед ўғирлагани учун қўлга олинди. Икки нафар Ўзбекистон ва бир нафар Қирғизистон фуқароси икки ҳафта давомида кўп қаватли уйлар олдида қолдирилган 34 та велосипедни ўғирлаган. Полиция уларни Чонджу шаҳрида қўлга олган.

Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг вориси ким эканлиги айтилди

Аралаш қоидалар жангчиси Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг отаси ва устози Абдулманоп Нурмуҳамедов спортда ўғлининнг ўрнини ким эгаллаши мумкинлигини айтди.

“Рашид Вагапов ва Усмон Нурмуҳамедов — ўз ёш тоифасида энг яхшилардан бири ҳисобланади. Улар албатта Ҳабиб ва Рустам Ҳабилов ўрнини эгаллай олади (ҳар икки спортчи ҳам UFC’да иштирок этади). Булар бизнинг келажагимиз”, дея таъкидлаган Ҳабибнинг отаси.

Усман Нурмуҳамедов Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг амакиваччаси ҳисобланади. 21 ёшли жангчи Баҳрайннинг Brave компанияси томонидан ташкиллаштириладиган жангларда иштирок этади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг