Назарбоевнинг собиқ жиян келини тергов қилинмоқда 

Олам

image

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатибалдига нисбатан ўта йирик миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштириш факти бўйича тергов ўтказмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати маълум қилган. 

“Чимкент шаҳар Коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан “Чимкент шаҳар йўловчи транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси” давлат муассасаси мансабдор шахслари ҳамда “Ария-Жана Астана” МЧЖ раҳбариятига нисбатан, шу жумладан Гулмира Сатибалдига нисбатан 2021 йилда амалда бажарилмаган қурилиш-монтаж ишлари учун тўланган 747 миллион тенге (1,6 миллион доллар) миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштирганлик факти бўйича судгача тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, тергов манфаатларидан келиб чиқиб бошқа маълумотлар ошкор қилиниши мумкин эмас. 

Маълумот ўрнида, Қайрат Сатибалдиули 1970 йилда туғилган. Ўтган йиллар давомида у Миллий хавфсизлик қўмитасида, ҳукмрон “Нур Отан” (ҳозирги “Аманат”) партиясида фаолият кўрсатган, тадбиркорлик билан шуғулланган. 

Жорий йилнинг 13 март куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Сатибалдиулини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва “Казахтелеком” АЖ маблағларини ўғирлашда гумон қилиб ҳибсга олган. Агентлик маълумотларига кўра, Сатибалдиулининг давлат хавфсизлигига путур етказувчи бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 15 март куни Нур-Султон шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди Сатибалдиулини икки ойга ҳибсга олишга рухсат берган. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев ва куёвига алоқадор ноқонуний майнинг (криптовалюталарни ишлаб чиқарувчи фермалар) компаниялари аниқлангани ҳақида хабар бергандик.  

Назарбоевнинг ўзи Қозоғистонда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларидан кейин илк марта Туркияда кўриниш берганди. У жорий йилнинг 9 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Дипломатик форумда иштирок этиш учун Анталияга борган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Назарбоев жиян келин

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг