Назарбоев “қонли январь” воқеаларидан кейин илк бор оммага кўринди. У Туркияда
Олам
−
10 Март 2022
10223Кеча, 9 март куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Дипломатик форумда иштирок этиш учун Анталияга борган. Бу ҳақда Биринчи Президент матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.
“Анталия Дипломатик форуми долзарб глобал ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун мунозара майдончасидир”, дейди Айдос Укибай.
Бу Биринчи Президент Назарбоевнинг январь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларидан кейин биринчи марта омма олдига чиқиши ва илк хорижий сафари экани айтилмоқда.
Таъбир жоиз бўлса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан муносабатлари доим яхши бўлиб келган. Ҳатто, 2019 йилнинг октябрь ойида Бакуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида ҳам Қозоғистон номидан амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тўқаев эмас, Нурсултон Назарбоев қатнашган.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан “Туркий кенгашнинг бир умрлик фахрий раиси” сифатида эълон қилинди.
Саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг фахрий раиси эканини англатувчи “Турк дунёсининг энг олий ордени”ни топширди.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев, жорий йилнинг 5 январидан Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) бугун, 2 март куни республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоевани депутатлик ваколатларидан истеъфога чиқишини маъқуллади.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь