Жиззахда келинга унитаз суви ичирилиб, суварак заҳри берилди

3-саҳифа

−

image

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида келин бир неча ой давомида унитаз сувини ичишга, суваракка қарши заҳарни ейишга мажбурлангани ва устидан қайноқ сув қуйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ф.M. иссиқ сув сепилиши оқибатида турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилган.

Тиббий муассаса маълумотномасига кўра, фуқарога танасининг чап қўл елка соҳаси, чап оёқ сон соҳаси, ўнг оёқ тизза бўғими ва қориннинг қовуқ соҳасида 6-8 фоиз миқдоридаги 2-3А даражали куйиш жароҳатлари ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган ҳамда аниқланган ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, жабрланувчи Ф.M.нинг тан жароҳатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. 

Ҳолат юзасидан 8 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109- (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 1-қисми ва 110-моддалари (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни вақтда мазкур жиноят иши ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда акс этган ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганишга қаратилган тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тергов якунига кўра, ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.

“Nemolchi.uz” лойиҳасига кўра, Жиззахда содир бўлган мудҳиш воқеада келин қайнонаси ва қайнопалари томонидан ойлар давомида шафқатсиз қийноққа солинган. 2026 йил май ойида аёлнинг турмуш ўртоғи қамалганидан сўнг, қайнонаси ва қайнопаси унинг номига кредит ва олтин буюмларни насияга олишга мажбур қилган. Июль ойида келин бу ҳақда эрига айтиб берганидан сўнг, уни ижарага олинган хонадонга қамаб қўйиб, шафқатсизларча калтаклаш ва рухий ҳамда жисмоний қийноққа солишни бошлаган. Аёлнинг беш ойлик фарзандини тортиб олган, ўзини эса оч-наҳор сақлаб, суварак дориси ейиш ва ҳожатхона сувини ичишга мажбур қилган. 29 август куни эса қайнопаларидан бири келиннинг устига ва жинсий аъзоларига атайлаб туз ҳамда сода аралаштирилган қайноқ сув қуйган. 6 сентябрь куни аёл балкондаги ёнғин зинапояси орқали 3-қаватдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган ва отасига боғланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Узун туманида эркак аёли ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиб, уларни 5 ой давомида мажбуран молхонада сақлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг