Назарбоев ва унинг қизи Қозоғистонни тарк этди – ОАВ
Олам
−
07 Январь 2022
32943Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг қизлари оиласи билан Қозоғистонни тарк этди, деб ёзмоқда маҳаллий Orda.kz нашри ўз манбаларига таяниб.
Уларга кўра, мамлакатда фақат Нурсултон Назарбоевнинг катта акаси Болат Назарбоев қолган.
“Эътиборлиси, Қозоғистонда сиёсий инқироз бошланганидан бери на расмий ҳокимият, на давлат телеканаллари ва ОАВ Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари номини тилга олади. Улар қаерда ва қай аҳволда, гапирилмаяпти. Бизда Биринчи Президент ва унинг қизлари оилалари билан Қозоғистонни тарк этгани ҳақида маълумотлар бор”, деб ёзади нашр Бош муҳаррири.
Маълумки, Нурсултон Назарбоев мамлакатни 30 йил бошқаргач, 2019 йилнинг март ойида истеъфога чиқди. Унинг ўрнини ўша вақтдаги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаев эгаллади. Тўқаевнинг ўрнига эса Назарбоевнинг тўнғич қизи – Дариға ўтирди. Аммо у ҳам кўп ўтмай Сенат коридорларини тарк этди.
Тўқаев Президент лавозимини эгаллагач, Нурсултон Назарбоевга Элбоши мақомини берди. Шунингдек, мамлакат пойтахти Остона шаҳри номини Назарбоев шарафига Нур-Султон дея ўзгартирди. Қолаверса, Биринчи Президент Хавфсизлик Кенгашини бошқаришни ўзида сақлаб қолди.
Айни вақтда Нурсултон Назарбоевнинг қаердалиги маълум эмас. У жорий йилнинг 5 январь куни Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимидан кетди. Бошқарув Президент Тўқаев қўлига ўтди. Мамлакатдаги қаршиликлар доирасида Назарбоевнинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Намойишлар авж ола бошлаганда маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида Нурсултон Назарбоевнинг оиласига тегишли икки самолёт Қозоғистондан Бишкек томон йўлга чиққани, Манас халқаро аэропортига бориб қўнгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ расмий Бишкек буни тасдиқламади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда эса Назарбоевнинг Дубайда экани ҳақидаги маълумотлар ҳам йўқ эмас. Аммо буларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.
Шунингдек, Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. У Қозоғистонда намойишлар бошланиши ортидан, бундан икки кун аввал Миллий хавфсизлик қўмитасининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган эди.
Одатда бирор бир мамлакатда Қозоғистондагидек ҳолатлар рўй берса, давлат раҳбарлари ва юқори лавозимли мансабдорларнинг мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқатилади. Кўп ҳолларда бу маълумотлар ўз тасдиғини топмайди.