Навоийда криптоферма давлатга 24 млрд сўм зарар келтиргани аниқланди
Жамият
−
23 Октябрь 2023
7175Навоий вилоятининг Кармана туманида давлат манфаатларига 24 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирган ноқонуний майнинг фермаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Кармана туманидаги қурилиши тугалланмаган бинода назорат тадбири ўтказилганда фуқаро Р.Э.га тегишли, умумий истеъмол қуввати 840,4 кВт ни ташкил этадиган майнинг қурилмалари қуввати 630 кВт га тенг иккита трансформаторга ўзбошимчалик билан улангани аниқланган.
Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, 24 миллиард 415 миллион 300 минг сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган шахслар аниқланган эди. Мазкур ҳолатда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланилган бўлиб, унда давлат ва жамият манфаатларига 1,5 млрд сўм миқдорида зарар етказилганди. Шунингдек, Бухоро вилояти Ромитан туманида давлатга 2,5 миллиард сўм зарар етказган майнинг ферма аниқланганди.
Ўзбекистон ҳудудида яширин майнингни, аноним крипто-активлар майнингини, рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилга мос келмайдиган манзилда майнингни ва рухсатномасиз майнингни амалга ошириш тақиқланади.
Маълумот ўрнида, “Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистонда майнинг фаолияти қуёш энергияси билан амалга оширилишига рухсат берилган.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь