Навоийда ноқонуний олтин қазиган 23 киши ушланди (видео)
3-саҳифа
−
132 2 дақиқа
Навоий вилоятида таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини маҳаллий усулда қазиш билан шуғулланиб келган 23 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик ойлиги тадбирлари давомида таркибида олтин зарралари мавжуд бўлган тоғ жинсларини ноқонуний қазиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Хусусан, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ҳамда Навбаҳор тумани Ички ишлар бўлими тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан Навбаҳор тумани тоғ тизмаларида олиб борилган назорат рейд тадбирлари давомида 1995, 2002, 2005 йилларда туғилган шахслар қўлга олинган.
Мазкур шахслар туманнинг Жизлон тоғ тизмасида яширинча маъданларни қазиш ва унга ишлов бериш билан шуғулланиб келган. Тезкор профилактик тадбирлар давом эттирилганда эса туманнинг тоғ тизмаларида худди шундай яна бешта жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган. Жиноий гуруҳ аъзолари орасида вояга етмаганлар ҳам бўлган.
Қўлбола ускуналар ёрдамида таркибида олтин мавжуд бўлган тоғ жинсларини маҳаллий усулда қазиш билан шуғулланиб келган 23 нафар шахс ушланиб, уларга тегишли электр қурилмалари далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган. Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси (фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган ва Андижон вилоятларида фаолият юритган, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган 7 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фош этилганди. Улардан жами 6 килограмм 800 грамм гашиш мусодара қилинган.
Live
Барчаси