Қўлида “автомат” билан пойга ўйнаган “шоввозлар” қамалди (видео)

3-саҳифа

−

image

Навоий вилоятида қўлига сохта автомат олиб пойга ўйнаган 8 нафар йигит 5 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, 2002-2004 йилларда туғилган йигитлар Instagram ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини очиб, мунтазам равишда автомашиналар пойгаси ҳамда ўқотар қурол билан олинган бир нечта контентлар билан бойитиб келган. Уларга Кармана ва Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган яна саккиз нафар пойга ишқибозлари ҳам қўшилган. Ушбу гуруҳ аъзоларининг автомашина ойналарини қорайтириб, давлат рақам белгиларини олиб ташлаб содир этган дрифт ўйинлари, видеотасвирлари кўплаб тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозига сабаб бўлган.

Хавфсиз ва соғлом юрт кенг қамровли тезкор профилактик ойлиги доирасида Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар давомида мазкур қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритилган. Ҳолатга оид барча буюмлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилганда, видеотасвирлардаги қурол аслида ҳақиқий эмаслиги ўз тасдиғини топган. Автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган. Жараёнга дахлдор шахсларга қонуний чора кўрилиши учун йиғилган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига тақдим этилган ва ушбу судда атрофлича кўриб чиқилган.

Суд жараёнлари давомида йигитларнинг кўрсатмалари тингланган. Тақдим этилган далилий ашё ва видеоёзувлар атрофлича кўриб чиқилган. Суд мазкур ҳолатни майда безорилик, яъни жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи, шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик дея баҳолаб, қуйидагича қарор қабул қилган.

Шу тариқа, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга шу модда билан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

“Ижтимоий тармоққа қизиқиб, машҳур бўлиш мақсадида оммага чиқдик. Қилган ишимдан афсусдаман. Қайтиб такрорланмайди. Ижтимоий тармоққа қизиқадиган ёшларга бунақа ишлар қилишини маслаҳат бермайман. Бизларга ҳам тушунтиришди мана, яхши тушундик. Қилган ишимдан афсусдаман”, дейди йигитлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида келинни кузатиш маросимида автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсиб, жамоат тартибини бузган 8 нафар фуқаро 7 сутка маъмурий қамоққа олинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг