Навбат мудофаа саноатига: АҚШ Россиянинг 22 та корхонасига санкция жорий қилди

Олам

image

АҚШ Россиянинг мудофаа мажмуасига кирувчи 22 та субъектга тўлиқ блокловчи санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Чекловчи чоралар Путиннинг Украинага бостириб киришига жавобан жорий қилинмоқда. Беларусь ҳам ўз ҳудудидан қўшни давлатга ҳужум қилишда ёрдам бергани учун чекловларга учраган.

“Ҳаммаси бўлиб рўйхатга Россиянинг 22 мудофаа корхонаси, жумладан, Россия қуролли кучлари учун жанговар самолётлар, пиёдалар жанговар машиналари, электрон уруш тизимлари, ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқарувчи фирмалар киради. Ушбу ҳаракат қурол яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Россия компаниялари учун катта харажатларга сабаб бўлади”, дейилган Оқ уй баёнотида.

Қайд этилишича, Савдо вазирлиги Россия учун белгиланган қатъий экспорт назорати сиёсатини Беларусга ҳам кенгайтиради.

“Ушбу ҳаракат товарлар, технология ва дастурий таъминотнинг Беларусь орқали Россияга йўналтирилишининг олдини олишга ёрдам беради ва иккала давлатнинг ҳарбий тажовузкорлиги ва қудратини ошириш қобилиятини сезиларли даражада камайтиради”, дейилади Оқ уй хабарида.

Экспорт назорати нефтни қайта ишлашга ҳам йўналтирилади. Савдо вазирлиги узоқ муддатли истиқболда Россиянинг нефтни қайта ишлаш қувватини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган технологиялар экспортига чекловлар қўяди.

Шунингдек, Қўшма Штатлар Россия ва Беларусь қуролли кучларини қўллаб-қувватловчи ташкилотларга нисбатан чеклов чораларини киритади. Савдо вазирлиги Россия ва Беларусь хавфсизлик хизматларини, ҳарбий ва мудофаа секторларини ёки ҳарбий ва мудофаа тадқиқотларини ҳар қандай тарзда қўллаб-қувватлаган юридик шахсларни қора рўйхатга киритади.

Эълон қилинган чекловлар Россия самолётларига АҚШ ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлашни ҳам ўз ичига олади.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг