Навбат Қорақалпоғистонга: барча таълим муассасаларида қишки таътил узайтирилди
Жамият
−
12 Январь 2023
5644Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг таътил вақти 16 январгача узайтирилди. Бу ҳақда республика Жўқорғи Кенгеси маълум қилди.
“Ҳозирги вақтда республикамиз ҳудудида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши билан боғлиқ вазиятда газ тармоқларига босимнинг кучайиши сабабли авария ҳолатлари юзага келмоқда. Шу билан бир қаторда, истеъмолчилар томонидан табиий газ истеъмолига бўлган талабнинг ортиши натижасида газ етишмаслиги кузатилмоқда”, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- вазият барқарор ҳолатга қайтгунича фавқулодда вазиятларга жавоб бериш бўйича тезкор штаб ташкил этилади;
- барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (“метан заправка”лари) ва умумий овқатланиш жойларига табиий газ етказиб бериш тўхтатилади;
- барча олий таълим муассасалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг таътил вақти 16 январгача узайтирилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аҳолининг ҳар кунлик жамоат транспортларига бўлган талабини ҳисобга олган ҳолда ва доимий транспорт хизматини ташкил қилиш мақсадида жамоат транспортларига бензин учун компенсация маблағлари тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим жараёнларининг бошланиши 11 январдан 16 январга кўчирилгани ҳақида хабар берилганди.Бундан ташқари, Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан ўқиш бошланиши 16 январга кўчирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 11 январидан Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма-босқич ҳамда Сирдарё вилоятидаги мавжуд мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун 13 январдан, бошланғич синф ҳамда боғчаларда эса 16 январдан дарс ва машғулотлар бошланиши ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Андижон ва Хоразм вилоятларидаги мактабларда 11 январдан таълим жараёнлари тикланиши маълум қилинганди.
Шу билан бирга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини эълон қилганди.
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги эса жорий йилнинг 5 январь куни аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча мактабларда қишки таътил 17 январгача узайтирилгани, 2022-2023 ўқув йилининг III чораги 2023 йилнинг 18 январидан бошланишини билдирганди.
Гидрометеорология хизмати маркази эса мамлакатда аномал совуқ ҳафта охиригача давом этишини айтмоқда.
LiveБарчаси