Навальний Москвада дафн қилинди (фото, видео)
Олам
−
01 Март
15255Бугун, 1 март куни марҳум рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг дафн маросими Москвадаги Борисов қабристонида бўлиб ўтди. Бу ҳақда халқаро нашрларда хабар қилинди.
Маълум қилинишича, эрталаб одамлар Навальний билан хайрлашиш учун черковга тўпланишган. Маъбадга навбат бир неча юз метрга чўзилган. Сиёсатчининг жасади бўлган тобут черковга олиб келинганида, одамлар "Навальний!", “Путин – қотил”, "Биз кечирмаймиз!", “Россия озод бўлади!”, дея ҳайқиришган.
Маросимда Навальнийнинг яқин қариндошларидан фақат ота-онаси қатнашган, унинг беваси ва болалари у билан видолашувга келмаган. Бироқ Навальная ижтимоий тармоқдаги саҳифасида уни абадий севишини билдирган.
"26 йиллик бахт учун раҳмат. Биз яна албатта учрашамиз. Мен сени абадий севаман", деган бева.
Дафн маросимида АҚШнинг Россиядаги элчиси Линн Трейси, Франция, Германия, Норвегия ва Дания дипломатлари ҳам иштирок этган. Видолашув Москва жануби-шарқидаги Марьино туманидаги "Менинг қайғуларимни сўндир" черковида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия ҳукумати мухолифатчи Алексей Навальний қамоқда вафот этганини эълон қилганди. Шундан сўнг бир қатор дунё сиёсатчилари, жумладан АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Навальнийнинг ўлими учун Путинни айблади.
LiveБарчаси