НАТОнинг Украина бўйича фавқулодда саммити қачон ўтиши белгиланди

Олам

image

НАТОнинг Украинадаги вазият ва альянс мудофаа қобилиятини ошириш бўйича фавқулодда саммити жорий йилнинг 24 март куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда кеча, 15 март куни ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди. 

"24 март куни НАТО штаб-квартирасида фавқулодда саммит чақирдим. Биз Россиянинг Украинага бостириб кириши, Украинани кучли қўллаб-қувватлашимиз, НАТОнинг олдини олиш ва мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиламиз", дейди Бош котиб. 

АҚШ президенти Жо Байден саммитда иштирок этади. Бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги доимий ваколатхонаси Twitter’да маълум қилди. 

“Президент Байден келаси ҳафта НАТО штаб-квартирасига келади ва НАТО етакчиларининг фавқулодда йиғилишида иштирок этади”, дейилади дипломатик миссия хабарида. 

Қайд этилишича, Байден бўлажак НАТО саммитида Россияни тийиб туриш ва мудофаа билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади, шунингдек, Европа кенгаши йиғилишида иштирок этади. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг