НАТО раҳбари Украинанинг қурол талабига жавоб қайтарди

Олам 21250
image
-

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинага оғир қуроллар етказиб бериш масаласини муҳокама қилишга ваъда берди. Бу ҳақда у бугун, 7 апрель куни Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан учрашувда айтиб ўтди.

Столтенберг альянс мамлакатлари Украинага қурол етказиб беришда уни мудофаа ва ҳужум турларига ажратмаслиги керак, деб ҳисобламоқда.

“Украина мудофаа урушини олиб бормоқда, шунинг учун мудофаа ва ҳужум қуролларини етказиб бериш ўртасида фарқ йўқ”, деган у альянс Ташқи ишлар вазирлари йиғилишига келганида ва вазирлар билан Украинага ҳар хил қуроллар, шу жумладан оғир қуроллар етказиб беришни муҳокама қилишини таъкидлаган.

Бош котиб қурол етказиб беришга тўхталиб, альянс аллақачон минглаб украин аскарларини тайёрлаганини таъкидлаган.

“Учрашувимизда қўшимча танкга қарши ва ҳаво ҳужумига қарши қуроллар, енгил ва оғир қуроллар ҳамда Украинани қўллаб-қувватлашнинг турли йўллари зарурлигини кўриб чиқамиз”, деган Столтенберг.

Эслатиб ўтамиз, Украина ТИВ раҳбари Кулеба НАТОдан кўпроқ қурол етказиб беришини сўраганди. У етказиб берилаётган қуролларни ҳужум ва мудофаа деб турларга ажратмаслик кераклигини қўшимча қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 3.1
t
×