НАТО давлатлари Украинага хорижликларни ёллашга ёрдам беряпти – Россия ТИВ
Олам
−
01 Август 2022
6289НАТОнинг бир қатор давлатлари Киевнинг Донбассдаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун чет эл фуқароларини ёллаш бўйича ҳаракатларини яширинча қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда РИА Новостига Россия Ташқи ишлар вазирлиги янги чақириқ ва таҳдидлар департаменти директори Владимир Тарабрин маълум қилди.
“Россия Федерацияси Украина шарқида Киев режими томонида ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун НАТОга аъзо айрим давлатларнинг яширин кўмагида Украина ҳукуматининг хорижий фуқароларни жалб қилишини диққат билан кузатиб боради”, дейди дипломат.
Шунингдек, у ишга қабул қилиш жараёнида нафақат нодавлат ташкилотлар, балки Украинанинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳам иштирок этаётганини ва бу халқаро шартномаларга, хусусан, Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги 1961 йилдаги Вена конвенциясига зид эканини таъкидлаган.
Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенковнинг таъкидлашича, Украинага келган ёлланма аскарларни жангчилар деб ҳисоблаш мумкин эмас. Унинг сўзларига кўра, “уларни кутаётган энг яхши нарса узоқ муддатли қамоқхонадир”. Шунга қарамай, июнь ойида ДХР раҳбари Денис Пушилин Донбассда ноқонуний жанг қилаётган хорижликлар сони камайиб бораётгани, улар Украинани тарк этишга уринаётгани ҳақида хабар берган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси