НАТО Бош котиби Украинадаги уруш қанча давом этишини айтди
Олам
−
19 Июнь 2022
14761НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги можарони ҳал қилиш учун йиллар керак бўлиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда “Bild am Sonntag” газетасига берган интервьюсида сўз очган.
Қайд этилишича, Столтенбергдан можаронинг мумкин бўлган давомийлиги ҳақида сўралганда у қуйидагича жавоб берган:
"Ҳеч ким билмайди. Бу йиллар давом этиши мумкинлигига тайёр бўлишимиз керак. Биз Украинани қўллаб-қувватлашдан тўхтамаслигимиз керак. Гарчи нарх қиммат бўлса ҳам", дейди альянс раҳбари.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, Киевга замонавий қурол-яроғларнинг етказиб берилиши Украинанинг Донбасс устидан назоратни қайта тиклаш имкониятини ошириши мумкин.
НАТО Бош котиби яна бир бор альянс Украинани мудофаа йўлида қўллаб-қувватлашда давом этишини, аммо бу можарога аралашмаслигини таъкидлаган.
“Биз мамлакатга ёрдам беряпмиз, лекин Украинага НАТО аскарларини юбормоқчи эмасмиз”, дейди у.
Шунингдек, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон “The Sunday Times” газетасига Украинадаги можаро йилларга чўзилиши мумкинлигини ҳақида маълум қилганди. Британия ҳукумати раҳбарига кўра, уруш узоқ давом этишига қарамай, Ғарб Киевни қўллаб-қувватлашдан тўхтамаслиги керак.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси