Музокара жойи борасида Россия ва Украинанинг гапи бир жойдан чиқмади

Олам

image

Украина томони Россия Федерацияси билан музокаралар олиб борилишини эълон қилди, аммо улар Беларуснинг Беловеж ўрмонида эмас, балки бошқа жойда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Украина делегацияси вакили Давид Арахамия маълум қилди.  

“Беловеж ўрмонида бўлиб ўтадиган музокаралар ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳақиқатан ҳам музокаралар бўлади, лекин жой бошқа. Барча тафсилотлар кейинроқ бўлади”, деган у. 

Россия делегацияси эса аллақачон икки давлат ўртасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши режалаштирилган Беловеж ўрмонига етиб борган. Делегация раҳбари Владимир Мединский етиб боргач, Россия Федерацияси вакиллари Украина делегациясини кутаётганини айтган. 

Унинг сўзларига кўра, музокаралар учун жойни Россия ва Украина биргаликда танлаган.

Бу баёнотларга жавобан Киев делегацияси аъзоларидан бири, Украина Президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк “мулоқотнинг ҳақиқий бошланишини” кутишга чақирган. 

“Иккинчи [Украина] тараф иштирок этмаса, ҳақиқий музокаралар олиб борилиши шубҳали. Шундай экан, мулоқотнинг ҳақиқий бошланишини кутинг”, деган у Twitter’да. 

Жорий йилнинг 28 февраль куни Гомель вилоятида биринчи Россия-Украина музокаралари бўлиб ўтди, учрашув беш соат давом этди. Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилди. У Россия делегацияси келишувларга эришиш учун қанча вақт керак бўлса, Украина томони билан шунча музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг