Мулла – жосус
Таҳлил
−
02 Июль
19748XIX аср. Буюк Британия ва Россия империялари Ўрта Осиё ва унга туташ жануби-шарқий ҳудудлар ҳақида шу ердаги ҳукмрон сулолалардан ҳам кўп маълумотларга эга аср. Бу ўта биқиқ ахборот муҳити, ташқи дунёдан маълум даражада узилганлик, дипломатиянинг жуда сустлиги ҳамда қўшни ва бир элатга мансуб давлатлар билан ёмон қўшничилик муносабатлари охир-оқибат хонликларнинг кулини кўкка совурилишига олиб келган давр. Аммо бугун бу мавзуга тўхталмоқчи эмасмиз. Эътиборингизни бу машъум тарихдан бироз олдинги, 1800 йиллар бошига, тўғрироғи бизда ҳаммаси тинч бўлган, аммо Лондон ва Петербургда Ўрта Осиёни қандай қандай маҳв этиш ҳақида кескин мунозаралар бошланган ва буни амалга ошириш учун амалий ҳаракатларга ўтилган йилларга қаратмоқчимиз.
Бундан икки аср муқаддам Ўрта Осиё ҳудуди ўша даврдаги икки колониал империяни жуда жиддий қизиқтиришни бошлайди. Бунда Британия ўзи эгалик қилувчи Ҳиндистонни эҳтимолий рус босқинидан ҳимоя қилиш учун мазкур ҳудудни “буфер зона”га айлантириш илинжида бўлган бўлса, аксинча Россия империяси Марказий Осиёдан бойликларга тўла дея таърифланувчи Ҳиндистонга бостириб киришда кўприк сифатида фойдаланишни кўзлаган. Умуман олганда мақсадлар деярли бир хил. Икки империя ҳам Ўрта Осиёда таъсир доираларини кучайтириш, бу ерда эркин ҳаракатланиш ва ҳатто агар зарурат туғилса, уни эгаллаб олиш ҳаракатида бўлган. Албатта бу жараён ўз ўзидан амалга ошмасди. Бу йўлдаги энг биринчи қадам мазкур географик зонадаги маҳаллий шароитни ўрганиш ва бу ерда жойлашган қатор хонликлар ҳақида маълумотлар тўплаш эди. Шунинг учун бутун аср давомида рус ва инглиз жосуслари ўз мамлакатларини Ўрта Осиё ва Афғонистон ҳақидаги шундай қимматли маълумотлар билан узлуксиз таъминлаб турди. Улар одатда бу ҳудудларга икки хил кўринишда кириб келишган. Ҳудудларимизда изғиб юрган ажнабий айғоқчилар учун энг қулай ниқоб савдогар ва тақводор мулла каби қиёфалар бўлган. Бу ниқоблар разведка мақсадида ташриф буюрган шахсларга базан муваффақият келтирган бўлса, базан уларни муаммолар домига ташлаган. Уларни бу ерда бир биридан қизиқ саргузаштлар, қийинчиликлар ва кези келганда аянчли тақдир ҳам кутиб турарди. Мулла ёки савдогар ниқоби остида келган айғоқчилар азоб-уқубатлар билан юзлашган тақдирда улардан қутулиш учун ўзларининг разведка ва ниқобланиш маҳоратларини ишга солиш орқали ўзларидан қизиқарли тарих ҳам қолдиришган. Ҳозир эса сиз билан разведка мақсадида амалга оширилган шундай саёҳатларнинг бирида рўй берган воқелик ва унда ишлатилган ўта айёрона ва мисли кўрилмаган ҳийла ҳақида сўз юритамиз.
1810 йилда бугунги Эрон, Афғонистон ва Покистон ҳудудларини ўзаро туташтирувчи тарихий Балужистонда стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган маълумотларни йиғиш мақсадида лейтенант Генри Поттинжер ўзининг хавфли саргузаштини бошлайди. У бу миссияни амалга оширишда мулла қиёфасини танлайди ва бу ўша пайтдаги энг хатарли танлов эди. Лейтенант ўз йўлида давом этаркан, бир қанча манзилларда мулла қиёфасини яширишни зўр-базўр амаллайди. Аммо у сирли саёҳати давомида қўним топган қишлоқларининг бирида жуда катта муаммо билан юзлашади. Балужистон бўйлаб бир қанча қишлоқ ва шаҳарларни кезган Генри Поттинжер тун давомида узоқ йўл юрган ҳолда навбатдаги манзил – Гул қишлоғига кириб келади. Қишлоққа қандайдир мулла кўринишида келган Поттинжер ва унинг ҳамроҳларини 4-5 нафар маҳаллий шахслар, дин пешволари иззат-икром билан кутиб олади. Уларга дастурхон ёзилади ва жосус ҳамда унинг ҳамроҳлари маҳаллий кишилар билан бирга тамадди қилади. Аммо овқатланиб бўлишгач, уларни кутилмаган хавф қамраб олади. Сабаби, овқатдан сўнг мезбон мусулмонлардан бири “тақводор меҳмон”дан дуо қилишни сўрайди. Бу мусулмон одатларнинг бир қисми эканлиги Поттинжернинг ёдидан кўтарилган шекилли, у бу вазиятга мутлақо тайёр эмасди. Генри Поттинжер учун вазият жуда кескин тус олганча уни бир зумга довдиратиб қўяди. Аммо ўта ҳийлакор бўлган бу ҳарбий жосус зудлик билан мушкул вазиятдан чиқиб кетиш йўлини тезда топади. У Балужистонга сафари олдидан Бомбейни тарк этиш чоғида саёҳат пайти асқотади деган мақсадда ислом динига оид айрим асосий жумлаларни ёд олган эди. Поттинжер бу кичик имкониятдан максимал тарзда фойдаланиш лозимлигини тушунди ва бир лаҳзалик довдирашдан сўнг қуйидагича дуо қилади.
У қўллари билан соқолини маъноли силаганча, ичида қандайдир жумлаларни атрофдагиларга эшитилар эшитилмас тарзда гўлдирайди. Аммо дуо орасида Аллоҳ, унинг расули пайғамбар ва шукр яъни Раҳмат сўзларини овоз чиқариб аниқ талаффуз қилганча дуога якун ясайди.
Поттинжер овоз чиқарганча аниқ ва тўғри талаффуз қилган ушбу диний сўзлар мусулмонларнинг дуоларида кўп бор такрорланишини сезганди ва у бу орқали ҳам ҳаётини, ҳам саёҳатинининг давом этишини сақлаб қолди. Хавфли найранг иш берди ва Поттинжерни меҳмон қилган содда дин пешвоси ва унинг ҳамроҳлари “тақводор мулла” кўринишидаги образга усталик билан кирган инглиз айғоқчиларига нисбатан ҳеч қандай гумонга боришмайди ва аксинча табассум қилганча уларни кузатиб қўяди. Поттинжер эса ўзининг разведка миссиясини давом эттириш учун кейинги манзилга йўл олади.
LiveБарчаси