МРБ директори Россия Украинада қанча аскарини қурбон берганини айтди

Олам

image

АҚШ Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда 15 минг аскарини йўқотди, деб ҳисобламоқда. Жароҳатланганлар 45 минг нафарга атрофида бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс Колорадо штати Аспен шаҳрида бўлиб ўтган Хавфсизлик форумидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.

“АҚШ разведка ҳамжамиятининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 15 000 га яқин [Россия ҳарбийлари] ҳалок бўлган ва бундан уч баравар кўпи яраланган. Шундай қилиб, йўқотишлар жуда катта. Ва украиналиклар ҳам азоб чекишди – эҳтимол бироз камроқ. Аммо бу ҳам катта йўқотишдир”, деган Бернс.

Эслатиб ўтамиз, Бернс форумда Россия Президенти Владимир Путиннинг саломатлиги борасидаги миш-мишларга изоҳ бериб, у мутлақо соғломлигини айтганди.

“Президент Путиннинг саломатлиги ҳақида турли миш-мишлар юради. Биз айтишимиз мумкинки, у мутлақо соғлом. Бу разведканинг расмий баҳоси эмас”, деган у.

Маълумот учун, Россия ҳам, Украина ҳам урушдаги йўқотишлари ҳақида жуда оз маълумот бериб боряпти. Хусусан, расмий Киев ҳарбий ҳаракатларда 10 мингга яқин аскарини йўқотгани ва бундан тўрт баравар кўпроқ одами жароҳатланганини маълум қилганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг