Мирзиёев ва “Арқадағ”нинг музокаралари бошланди

Жамият

image

Бугун, 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Аввалроқ, музокараларда Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилиши айтилганди.

Маълумот учун, Гурбангули Бердимуҳамедов кеча, 23 апрель куни ташриф билан Самарқандга келди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги тадбирлар доирасида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов биргаликда Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Шундан сўнг, етакчилар биргаликда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга борганди. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. 22 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Туркман халқининг миллий етакчиси Қирғизистонинг Чўлпон-Ота вилоятига борди. Уни аэропортда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кутиб олди. Жапаров Бердимуҳамедовни қирғизча меҳмон қилди.

Кеча, 23 апрель куни Жапаров Чўлпон-Ота шаҳрида Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди. Кейин эса етакчиларга Иссиқкўл вилоятидаги Бактуу-Долоноту қишлоғидаги ипподромда қирғиз миллий от спорти ўйинлари – “Жорго салиш” ва “Кўк бору” тақдим этилди. Маданий дастур якунида Президент Садир Жапаров фахрий меҳмонни Иссиқкўл халқаро аэропортигача кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг