Мирзиёев дунёга машҳур “Twin Towers”да меҳмон бўлди

Жамият

image

Бугун, 5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги ишбилармонлик дастурининг давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим “Petronas” корпорациясининг бош қароргоҳи - "Twin Towers" биносига ташриф буюриб, компания президенти Муҳаммад Тавфиқ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, нефть-газ, нефть-кимё ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларида етакчилардан бири бўлган ушбу глобал компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари хомашёни чуқур қайта ишлаш ва "яшил" энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги истиқболли режаларни қўллаб-қувватлади.

Геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, карбонат ангидрид газини ушлаб қолиш ва сақлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, “Petronas” университети негизида юқори малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти кеча, 4 февраль куни кечқурун расмий ташриф билан Малайзияга етиб борганди. Куала-Лумпур халқаро аэропортида давлат раҳбарини Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул, Таълим вазири Замбри Абдулқодир ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Президент аэропортда Малайзия парламенти спикери билан учрашув ўтказди. Бугун, 5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги “Пердана Путра” ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу ерда Мирзиёев ва Иброҳим тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ва Малайзия Бош вазири Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Шунингдек, Мирзиёев гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган Малайзия Ислом санъати музейида бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Куала-Лумпур Twin Towers

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг