Мирзиёев Туркманистонга жўнаб кетди
Жамият
−
10 Октябрь
2915Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан бугун, 10 октябрь куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Мирзиёев эртага, 11 октябрь куни туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форумда иштирок этади ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Маълумот учун, эртага, 11 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми бўлиб ўтади. Анжуманда 10 дан ортиқ давлат Президентлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТЮРКСОЙ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва UNESCO раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳам иштирок этишини маълум қилинганди. Шунингдек, мазкур тадбир доирасида Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашиб, Яқин Шарқдаги кескин ёмонлашган вазиятни муҳокама қилиши хабар қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 10 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга борди.
LiveБарчаси