Мирзиёев Қатар Амири билан гаплашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 июль куни Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Қатар Амирининг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаган.

“Кейинги пайтларда жадал тус олган икки томонлама мулоқот ва алмашинувлар самарали бўлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари фаол ўсмоқда, саноат кооперация ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар техник жиҳатдан тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Шу маънода, бўлажак юқори даражадаги тадбирлар, шу жумладан ташқи ишлар вазирлари раислигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи учрашуви, Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва бизнес форуми натижадор бўлишига муҳим эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Қатар етакчилари олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг 17 декабрь куни ҳам Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефонда гаплашганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Қатар Амирини миллий байрам – Давлатга асос солинган кун билан қутлаб, унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, Қатар халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ўзбекистон-Қатар Қатар Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг