Мирзиёев Қатар Амирини табриклади
Жамият
−
17 Декабрь
2452Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефонда гаплашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Қатар Амирини миллий байрам – Давлатга асос солинган кун билан қутлаб, унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, Қатар халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
“Фаол мулоқот ва алмашинувлар натижалари ижобий баҳоланди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форуми самарали ўтди. Октябрь ойида Тошкент шаҳрида Қатар маданияти ҳафталиги тадбирлари муваффақиятли ташкил этилди. Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида энергетика, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Пойтахтлар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда”, дейилади хабарда.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбари 2025 йилда бўлажак тадбирлар режасига, шу жумладан “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказишга алоҳида эътибор қаратди. Халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.