Мелитопол мэрини ўғирлаш демократияга қарши жиноятдир – Зеленский
Олам
−
12 Март 2022
9205Украина Президенти Владимир Зеленский россиялик ҳарбийлар томонидан Украинанинг Мелитопол шаҳри мэрининг ўғирланишини “демократияга қарши жиноят” деб атади.
“Мелитопол мэрининг ўғирланиши нафақат шаҳар ва Украина халқига, балки демократияга қарши жиноятдир. Сизни ишонтириб айтаманки, бу ҳақда барча демократик мамлакатлардаги 100 фоиз одамлар билиб олади”, дейилади давлат раҳбари Telegram’даги хабарида.
Украина Президенти Россия Қуролли кучлари ҳаракатлари ва ИШИД террорчиларининг жиноятлари ўртасида ўхшашликларни келтириб ўтган.
“Бутун Украина Мелитополнинг Херсон, Бердянск ва бошқа шаҳарлар каби босқинчиларга бўйсунмаганини кўрди”, дейди Украина раҳбари.
Зеленский Украина тинч аҳолисини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш масаласига ҳам тўхталди.
Давлат раҳбари Россия қўшинлари гуманитар йўлаклар ишига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенконинг Telegram саҳифаси орқали билдиришича, Киев Ҳукумати Мелитопол мэри Иван Федоров рус ҳарбийлари томонидан ўғирлангани ҳақида аниқ маълумотларга эга.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси