Медведев Зеленскийни “яшил иштон кийган масхарабоз” деб атади
Олам
−
08 Апрель 2023
16611Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Украина ҳеч кимга керак бўлмагани учун йўқ бўлиб кетишини таъкидлаб, Владимир Зеленскийни “яшил иштон кийган масхарабоз”, деб атади. Бу ҳақда RT хабар берди.
Маълум қилинишича, Медведев бугун, 8 апрель куни “Вконтакте” тармоғига жойлаган постида Украина Европага керак эмаслиги, чунки у Киевни қўллаб-қувватлагани учун аллақачон молиявий ва сиёсий дўзахни бошидан кечираётганини таъкидлаган.
Медведевнинг сўзларига кўра, украиналик қочқинлар оқими, ўсиб бораётган инфляция, иссиқлик ва электр энергияси учун катта тўловлар, Европа бизнесининг зарар кўриши ва Россияга нисбатан фойдасиз санкциялар Ғарбий ва Шарқий Европада норозиликларни келтириб чиқарган.
Унинг қўшимча қилишича, Польша вақти-вақти билан Украинанинг ғарбий вилоятларини аннекция қилиш ғоясини текшириб боради, ОАВга тегишли маълумотларни сиздиради ва бундай имкониятга нисбатан муносабатни таҳлил қилади. Медведев Украина АҚШга ҳам керак эмаслиги, аксарият америкаликлар нима учун ҳукуматлари ўз ички муаммолари турганида Украинага ёрдам бераётганини тушунмаслигини айтган. Унинг постида, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон ва Тинч океани минтақасидаги давлатларнинг ҳам COVID-19 пандемиясидан кейинги иқтисодий тикланиш билан боғлиқ муаммолари етарли экани таъкидланган.
Медведевнинг таъкидлашича, Москвага Россиянинг 1991 йилда Украинага аталган қисмлари эмас, балки катта Буюк Россия керак.
“Ва ниҳоят, фашистлар элитаси бошчилигидаги Украина унинг ўз фуқароларига ҳам керак эмас. Шунинг учун 45 миллион аҳолидан 20 миллиондан бироз кўпроғи қолди. Шунинг учун қолганлар исталган жойга – улар нафратланган Польшага, Европа Иттифоқига, НАТОга кетишади, Американинг 52-штати бўлишни хоҳлашади. Ҳа, ҳеч бўлмаганда Антарктидадаги пингвингларга қўшилинг. Агар у тинч ва емишга бой бўлса.
Ҳокимият гуруҳининг жиноий амбициялари туфайли украинлар доимий ташвиш ва қўрқувда яшашга мажбур. Улар ўзларининг яшаш уйлари ва хўжаликларини ташлаб, қашшоқликка дучор бўлмоқда. Улар мамлакатлар ва қитъалар бўйлаб яхшироқ ҳаёт излаб юришга мажбур. Ва барчаси булутли Европа истиқболи учун. Аниқроғи, яшил иштон кийган масхарабоз ва унинг бир гуруҳ фашист шериклари ўзларининг оффшор ҳисобларида ўғирланган Ғарб пулларини тежашлари учун. Бундай Украина сайёрадаги ҳеч кимга керак эмас. Шунинг учун у йўқ бўлади”, деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Медведев аввалроқ Европа Россияни бўлиб ташламоқчи эканини иддао қилганди. Шунингдек, у дунёда ядровий апокалипсис яқинлашаётганини айтган.
Нодиржон Мадаминов