Лавров Украина билан музокараларга нима тўсқинлик қилаётганини айтди 

Олам 11130
image
-

Россия ва Украина мумкин бўлган шартнома лойиҳаси бўйича деярли ҳар куни видеоалоқа орқали музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Хитойнинг “Синьхуа” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.  

“Музокаралар кун тартибида денацификация, янги геосиёсий воқеликни тан олиш, санкцияларни бекор қилиш, рус тилининг мақоми ва бошқа масалалар ҳам бор”, деган вазир. 

Лавровнинг қайд этишича, гарчи улар яхши кетмаётган бўлса ҳам, Россия музокараларни давом эттириш тарафдори. Унинг сўзларига кўра, музокараларга “жангари риторика ва Киевнинг ғарбий ҳомийларининг ғалаёнли ҳаракатлари” тўсқинлик қилмоқда, бу эса “аслида уни “охирги украиналик қолгунча курашиш”га, мамлакатга қурол-яроқ киритишга ва у ерга ёлланма аскарларни юборишга ундайди”.

Сергей Лавров Қўшма Штатлар ва НАТО давлатларини ўйлаб кўришга ва Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирган. 

“Украина халқига Stingers ва Javelin’лар эмас, балки шошилинч гуманитар муаммоларга ечим керак. Россия бу ишни 2014 йилдан бошлаб амалга оширмоқда”, деган у. 

Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 29 апрель куни Россия билан музокаралар жараёни “жуда секин” кечаётганини ва “ҳар қандай суҳбатни” тўхтатиш хавфи юқори эканлигини айтган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3
t
×