Лавров Путин нега Зеленский билан учрашмаётганини айтди
Олам
−
28 Март 2022
23900Россия ва Украина етакчилари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг фикр алмашиш учун учрашуви ҳозирги босқичда самарасиз бўлади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шундай тахминни илгари сурди.
“(Президент Путин) Президент Зеленский билан учрашувни ҳеч қачон рад этмаганини айтди. У фақатгина бу учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш энг муҳим масала деб ҳисоблайди. Кўп сонли муаммолар тўпланиб қолган, шунинг учун “сиз нима деб ўйлайсиз, мен нима деб ўйлайман” билан учрашиш ва алмашиш энди самарасиз бўлади”, деган Лавров Сербия оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
Лавров Украинадаги уруш бошлангач, расмий Киев Москва билан зудлик билан музокара бошлагани бежиз эмаслигини, бу учрашувлар давом этаётганини қўшимча қилган. Вазир видеоалоқа шаклидаги қатор мулоқотлардан кейин Истанбулда юзма-юз музокара ўтказишга келишилганини таъкидлаган.
“Ва биз бу музокаралар натижа билан якунланишидан манфаатдормиз. бизнинг асосий мақсадларимизга эриштирадиган натижадан”, деган Лавров.
Унинг қўшимча қилишича, денацификация ва демилитаризация Россия учун Украина билан бўлажак келишувларда мажбурий элемент ҳисобланади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси