Кулеба Ғарб қурол бермаса, Украина қандай курашишини айтди

Олам 17044
image
-

Ғарб давлатлари Киевга қурол етказиб беришни тўхтатса ҳам унинг мамлакати Россияга қаршилик кўрсатишни давом эттиради ва “белкураклар билан курашади”. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ARD телеканали эфирида айтиб ўтди.

“Агар қуролимиз бўлмаса, майли, белкурак билан курашамиз, лекин ўзимизни ҳимоя қиламиз, чунки бу бизнинг мавжудлигимиз учун урушдир. Шундай қилиб, биз қанчалик тез қурол олсак, улар [Киевга] қанчалик тезроқ юборилса, бизга шунчалик ёрдам бўлади. Агар қурол кечроқ юборилса ҳам, биз барибир “раҳмат” деймиз, лекин кўп нарса йўқотилган, кўп қурбон берилган бўлади”, дейди Кулеба.

Шу билан бирга, Кулебанинг таъкидлашича, Ғарбдагилар ҳеч ким Украина қурол-яроғ етказиб бермаса, Киев ён беришга тайёр бўлишига ишонмаслиги керак. 

Бундан ташқари, вазир Украинада Россиядагига қараганда анча кам қурол борлигини тан олган. 

“Биз бундай номутаносиблик билан урушда ғалаба қозона олмаймиз”, дея хулоса қилган у Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эҳтиёж борлигини таъкидлаб.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.1
t
×